Сиз Аёлсиз. Сиз гулсиз суюк,
Бирда шодон, бирида куюк,
Вафо номлиғ мўътабар, буюк,
Элингизга хиёнат қилманг!
Ҳаёт - ўрмон, тўрт томони хавф,
Қашқирлари борадур саф-саф,
Ҳар балодан тургувчи асраб,
Шерингизга хиёнат қилманг!
Оилангиздир - энг гўзал гўша,
Бахтлар берсин, Ҳақ қўша – қўша,
Ишқ уруғи сочилган ўша,
Ерингизга хиёнат қилманг!
Ўз ёрига этганлар вафо,
Икки дунё бўлгай дилрабо,
Жаннатлардан эсган бир сабо,
Елингизга хиёнат қилманг!
Ёвлар кўпдир, шафқат қилмаган,
Бахтингизни кўзга илмаган,
Иккингиздан ўзга билмаган,
Сирингизга хиёнат қилманг!
Бир ҳикматдир жанжалу, низо,
Ҳақ каломин этманг норизо,
“Розиман” деб бўлгансиз ризо,
Тилингизга хиёнат қилманг!
Йўқчиликдан йиғлаб, сўз очиб,
Ранжитманг ҳеч, нафрат юз очиб,
Кўрганингиз илк бор кўз очиб,
Дилингизга хиёнат қилманг!
Тоғлардан ҳам баланд қадрингиз,
Ўткинчидир, жафо-жабрингиз,
Сочингизга тенгдир сабрингиз,
Феълингизга хиёнат қилманг!
Ном чиқарди “Мусофир” деган,
Ўзга юртлар аро дайдиган,
Нон еганда оғримайдиган,
Белингизга хиёнат қилманг!
Ишқ – шундай бир узилмас ип-ки,
Урар, бўлиб юракда тепки,
Бўлмаса ҳам майлига икки,
"Бир"ингизга хиёнат қилманг!
Унинг меҳри тўлқинга арзир,
Дарё бўлиб айлагай асир,
Оқиб турган мавжли Аму, Сир,
Нилингизга хиёнат қилманг!
Узр, бугун ёзғирдим бироз,
Бўйларингиз бўйингизга мос,
Опажоним, синглим илтимос,
Эрингизга хиёнат қилманг!!!
“Розиман” деб берилган ваъда,
Тилингизга хиёнат қилманг!