#солихлар_хаёти
Хазрати Имоми Аъзам роҳимаҳуллоҳ, рамазони шарифда Қуръонни ҳар куни икки бор хатм қилар эканлар. Бошқа ойларда ҳар куни хуфтондан бомдодгача бир бор хатм қилсалар, Рамазони шарифда саҳарликкача бир бор ва эрталабдан ифторликкача яна бир марта 30 пора Қуръонни хатм қилар эканлар. Аллоҳ таъоло Имомимизга Қуръон хатм қилсин учун вақтни ҳам баракотли қилган экан. Имомимиз вафот қилган хоналарида 7 минг марта Қуръонни хатм қилган эканлар. 7 минг марта Қуръон хатм қилиш — бу муттасил йигирма йил давоми-да ҳар куни бир бор тик туриб Қуръон ўқиш деганидир. Хазрати Имоми Аъзам пиримиз роҳимаҳуллоҳга шу насиб этган экан. Имомимизнинг кечалари намозда тик туришларига қўшнилари шу қадар ўрганган эканларки, у зот роҳимаҳуллоҳ вафот қилганларида бир қўшниларининг фарзанди — ёш бола отасига, ота қўшнимизнинг уйи ўртасида бир устун бўлар эди, йиқилиб тушибди, деган экан. Шунда у киши, ўғлим бу устун эмас эди, шу хонадоннинг эгаси хазрати Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ ҳар кеча намозда турганини кўрар эдинг, у киши вафот қилдилар, деб жавоб қилади. Хазрати Имоми Аъзам пиримиз роҳимаҳуллоҳ шу қадар намозга бақувват, Қуръонга муҳаббатли бўлиш билан бирга, умрларининг сўнгги 30 йили ичида бирон кун оғизлари очиқ бўлмаган эканлар. Ҳаётларини доимий рўза билан ўтказган эканлар. Имомимизнинг ибодатдаги бундай мустаҳкамликлари Сиз билан бизга дарс бўладиган, намуна бўладиган ва бу зотни танимайдиганлар яхшироқ таниб олишларига сабаб бўладиган фазилатлардандир.
Аллоҳ таъоло у зотни раҳматига олсин! Бизларга эса у зот роҳимаҳуллоҳнинг мазхабларини махкам тутишликни ва доимо у зотга эргашишликни насиб этсин! Амин!